Белгиланган матнни эшитиш учун босинг
Welcome to Statistika qo'mitasi   Click to listen highlighted text! Welcome to Statistika qo'mitasi Powered By GSpeech
  • А
  • А
  • А
  •      

Уюшма УСТАВИ

2018-12-20 12:02
|

ГУВОҲНОМА

 

 

«O’ZBEKOZIQOVQATZAXIRA»

MEVA-SABZAVOT MAHSULOTLARINI

TAYYORLASH VA G’AMLASH KORXONALARI

UYUSHMASI

УСТАВИ

(ЯНГИ ТАҲРИР)

 

I.  УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1.1. “O’ZBEKOZIQOVQATZAXIRA”  MEVA-SABZAVOT MAHSULOTLARINI TAYYORLASH VA G’AMLASH KORXONALARI UYUSHMASI (кейинги ўринларда матнда “Уюшма” деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мева-сабзавот маҳсулотларини тайёрлаш ва ғамлаш корхоналари уюшмаси – “O’ZBEKOZIQOVQATZAXIRA”ни ташкил этиш тўғрисида”ги 2016 йил 8 апрельдаги ПҚ-2517-сонли Қарори ҳамда муассисларнинг 2016 йил апрелдаги умумий йиғилиш қарорига мувофиқ 2006 йил 29 мартда 34-сон реестр рақами билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилган “O’ZULGURJISAVDOINVEST” ULGURJI SAVDO KORXONALARI UYUSHMASIни қайта ташкил қилиш йўли билан ташкил топган.

 “O’ZBEKOZIQOVQATZAXIRA”  MEVA-SABZAVOT MAHSULOTLARINI TAYYORLASH VA G’AMLASH KORXONALARI UYUSHMASI  Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2006 йил 29 мартда 34-сон реестр рақами билан давлат рўйхатидан ўтказилган “O’ZULGURJISAVDOINVEST” ULGURJI SAVDO KORXONALARI UYUSHMASIнинг ҳуқуқий вориси ҳисобланади ҳамда унинг барча ҳуқуқ ва мажбуриятларини ўз зиммасига олади.

 Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республикада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва “O’ZBEKOZIQOVQATZAXIRA” уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 2017 йил 20 октябрьдаги ПҚ-3344-сонли Қарори билан уюшмага қўшимча вазифалар ва фаолият йўналишлари юкланган.

            1.2. Уюшма ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси  Конституциясига, Фуқаролик кодексига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикасининг бошқа норматив-ҳуқуқий  ҳужжатларига, шунингдек мазкур Уставга ва Таъсис шартномасига амал қилади.    

1.3. Қуйидагилар Уюшманинг муассислари ҳисобланади:

- Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлиги томонидан 9 октябрь 2007 йил реестрда 91-сон тартиб рақам билан давлат рўйхатидан ўтказилган, Фарғона вилояти, Марғилон шаҳар, Хиёбон кўчаси, 270-б уйда жойлашган «FARG’ONA ULGURJI SAVDO INVEST» Mas’uliyati cheklangan jamiyati meva-sabzavot  mahsulotlarini tayyorlash va g’amlash korxonasi. (СТИР : 300566846).

- Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлиги томонидан 6 cентябрь 2011 йил реестрда 142-сон тартиб рақам билан давлат рўйхатидан ўтказилган, Тошкент вилояти, Оққўрғон тумани, Алимкент қўрғони, Мустақиллик кўчасида жойлашган «MARKAZ SAVDO INVEST» Mas’uliyati cheklangan jamiyati meva-sabzavot  mahsulotlarini tayyorlash va g’amlash korxonasi. (СТИР : 207111666).

1.4. Уюшманинг тўлиқ расмий номи:

ўзбек тилида – “O’ZBEKOZIQOVQATZAXIRA” meva-sabzavot  mahsulotlarini tayyorlash va g’amlash korxonalari Uyushmasi;

рус тилида – Ассоциация предприятий по заготовке и закладке на хранение плодоовощной продукции “O’ZBEKOZIQOVQATZAXIRA”;

инглиз тилида – Association of enterprises for provision and storage of fruits and vegetables  –  “O’ZBEKOZIQOVQATZAXIRA”.

1.5. Уюшманинг почта манзили: 100021, Ўзбекистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Навоий кўчаси, 25-уй.

1.6. Уюшманинг моддий-техника таъминоти, шунингдек  ижро этувчи органи ходимлари мехнатига хақ тўлаш муассислар ва аъзоларнинг кириш ва аъзолик бадаллари шаклида ажратиладиган маблағлар ҳисобига амалга оширилади.  Уюшма ижро этувчи органи таъминоти харажатлари сметаси Умумий йиғилиш қарорига кўра тасдиқланади.

II.  УЮШМАНИНГ ЮРИДИК МАҚОМИ

2.1. Уюшма давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб юридик шахс ҳисобланади.  Уставда қайд этилган мақсадлар ва вазифаларни амалга ошириш учун зарур бўлган ҳуқуқий лаёқатга эга, ўзининг алоҳида мол-мулки, мустақил балансига эга.

2.2. Уюшма  ўз номи ўзбек ва инглиз тилларида ёзилган муҳрга-штампларга ва бланкаларга эга.

2.3. Уставда қайд этилган мақсадлар ва вазифаларга эришиш учун Уюшма шартномалар, контрактлар тузишга, бошқа битимларни содир этишга, мулкий ва номулкий ҳуқуқларни сотиб олишга ҳамда ўз зиммасига мажбуриятлар олишга, судларда даъвогар ва жавобгар бўлишга хақлидир.

2.4. Уюшма ўз мажбуриятлари  бўйича ўзига тегишли мол-мулк билан жавоб беради, ушбу мол-мулкка Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги бўйича ундирув қаратилиши мумкин. Уюшма Ўзбекистон Республикаси ва ўз муассислари мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди. Ўзбекистон Республикаси Уюшма мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди.

Уюшма муассислари Уюшма мажбуриятлари бўйича ўзларининг кириш
ва аъзолик бадалларига мутаносиб миқдорда субсидиар жавоб беради.

2.5. Уюшма Ўзбекистоннинг ва хорижий давлатларнинг жамоат, тижорат ташкилотлари ҳамда бошқа органлари ва ташкилотлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва хорижий мамлакатларнинг фуқаролари билан белгиланган тартибда амалий алоқалар ўрнатади. Улар билан уставда қайд этилган вазифаларни бажаришга йўналтирилган қўшма тадбирлар амалга оширилишида қатнашиш, халқаро ва бошқа ташкилотларга кириш ҳамда улар билан хамкорлик қилиш ҳуқуқига эга. 

III.  УЮШМАНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ

3.1. Уюшманинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мева-сабзавот маҳсулотларини тайёрлаш ва ғамлаш корхоналари уюшмаси – “O’ZBEKOZIQOVQATZAXIRA”ни ташкил этиш тўғрисида”ги 2016 йил 8 апрельдаги ПҚ-2517-сонли Қарорини 2-бандига ва  «Республикада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва “O’ZBEKOZIQOVQATZAXIRA” уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 2017 йил 20 октябрьдаги ПҚ-3344-сонли Қарорини 2–бандига асосан белгиланган:

талаб-эҳтиёжни чуқур ўрганиш асосида, янги мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум билан ички истеъмол бозорини узлуксиз тўлдириб бориш ва нарх-наво барқарорлигини таъминлаш мақсадида уларни қиш-баҳор даврига ғамлаб қўйиш учун фермер ва деҳқон хўжаликларидан, агрофирмалардан шундай маҳсулотларни харид қилиш шартномаларини тузиш;

қиш-баҳор даврига ғамлаб қўйиладиган янги мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узумнинг яхши сақланишини ташкиллаштириш, уларни сақлаш вақтида нобудгарчиликларни камайтириш чора-тадбирларини амалга ошириш, маҳсулотни харид қилиш ва етказиб беришда замонавий логистика тизимини кенг жорий қилиш;

республика шаҳарларида янги мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум сотиш бўйича ихтисослаштирилган ярмарка савдоларини доимий асосда ўтказиб туриш;

тўғридан-тўғри инвестицияларни кенг кўламда жалб этиш ва уюшма таркибига кирган корхоналарнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш ишларини ташкил қилиш, мева-сабзавот маҳсулотлари сақланадиган махсус омборхоналар ва совутиш камералари қуриш, реконструкция қилиш ва модернизациялашни таъминлаш, уларни замонавий ускуналар билан жиҳозлаш;

олис ва бориш қийин бўлган аҳоли пунктларида яшовчи аҳолини ижтимоий аҳамиятли озиқ-овқат маҳсулотлари билан ишончли ва узлуксиз таъминлаш чора-тадбирларини амалга ошириш;

уюшма таркибига кирган корхоналар мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш;

давлат буюртмаси параметрларига мувофиқ ҳажмларда мева-сабзавот маҳсулотлари захиралари шакллантирилишини ташкил этиш ҳамда аҳолини ва бошқа истеъмолчиларни арзон нархлардаги янги мева-сабзавот маҳсулотлари билан йил давомида ва узлуксиз таъминлаш мақсадида уларни режали тарзда сотиш;

ихтисослаштирилган янги омборхоналар, картошка сақлаш жойлари ва совутиш камераларини қуриш, мавжудларини реконструкция ва модернизация қилиш, шунингдек, озиқ-овқат товарларини қайта ишлаш ва қадоқлаш бўйича замонавий, юқори технологияли, энергиядан самарали фойдаланадиган ускуналарни фаол жорий этиш йўли билан мева-сабзавот маҳсулотларини сақлашнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш;

ички истеъмол бозори конъюнктурасини мунтазам ўрганиш, объектив сабабларга кўра маҳаллий шароитларда етиштирилмайдиган ёки республикада етишмайдиган ижтимоий аҳамиятга эга бўлган озиқ-овқат товарлари ва мева-сабзавот маҳсулотларини импорт бўйича ўз вақтида четдан келтиришни ташкил этиш юзасидан таклифларни келишиш учун тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш;

деҳқон озиқ-овқат бозорларида чакана савдо тармоқларини кенгайтириш, барча туман марказларида, аҳолидан озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилиш бўйича пунктлар ташкил этиш ҳисобига уларга мева-сабзавот маҳсулотларини бевосита етиштирувчилардан тўғридан-тўғри қабул қилишни йўлга қўйиш;

аҳолини, шу жумладан узоқдаги ва бориш кийин бўлган жойлардаги аҳолини, шунингдек, ижтимоий соҳа муассасаларини озиқ-овқат товарлари ва мева-сабзавот маҳсулотлари билан ишончли ва узлуксиз таъминлаш;

республика ва халқаро аҳамиятга эга бўлган қабулларни ўтказишда умумий овқатланиш корхоналарига кўмаклашиш ва ташкилий-методик ёрдам кўрсатиш;

мева-сабзавот маҳсулотлари учун мувофиқлик сертификатлари олишда, умумий эътироф этилган халқаро нормалар ва стандартлар талабларига жавоб берадиган сифат менежменти тизимларини жорий этишда экспорт қилувчи ташкилотларга амалий ёрдам кўрсатиш;

янги ихтисослаштирилган омборхоналар, картошка сақлаш жойлари ва совутиш камераларини қуриш, мавжудларини реконструкция ва модернизация қилишни лойиҳалаштиришни ва лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишни ташкил этиш, «Ўзбекозиқовқатзахира» уюшмаси таркибига кирадиган ташкилотлар учун қурилиш-транспорт хизматлари кўрсатиш.

IV.  УЮШМАНИНГ ТУЗИЛМАСИ

4.1. Уюшма таркибига кирувчи мева-сабзавот маҳсулотларини тайёрлаш ва ғамлаш корхоналарини, ўзаро манфаатларини мувофиқлаштиради.

4.2. Уюшма зарурият бўлса ўз филиалларини ташкил этади ва қонунчиликда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси худудида ҳамда ундан ташқарида ваколатхоналар очади.  

4.3. Филиаллар ва ваколатхоналар Уюшманинг юридик шахс макомига эга бўлмаган алоҳида бўлинмалари ҳисобланади. Уларнинг фаолияти Уюшма муассислари умумий йиғилиш томонидан тасдиқланадиган низомлар билан тартибга солинади.

 4.4.  Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республикада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва “O’ZBEKOZIQOVQATZAXIRA” уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 2017 йил 20 октябрьдаги ПҚ-3344-сонли Қарорига асосан Уюшма -  Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятларнинг марказий шаҳарлари ва Тошкент шаҳрида «Озиқовқаттаъминот» ҳудудий филиалларини ташкил этиб, жойлаштиради;

 V.  МУАССИСЛАРНИНГ  ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

5.1. Уюшма муассислари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Уюшма фаолиятида иштирок этиш, шу жумладан унинг фаолиятининг асосий йўналишларини белгилашда, шунингдек дастурлар ва лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этиш;

Уюшманинг бошқарув органларини шакллантиришда иштирок этиш, уларнинг вакиллари Уюшманинг раҳбар органларини таркибига сайланиши мумкин;

Уюшма фаолияти ва унинг раҳбар органлари тўғрисида маълумот олиш;

Уюшма фаолияти билан боғлиқ масалалар бўйича Уюшмага таклифлар киритиш, Уюшманинг исталган органига сўров ва аризалар билан мурожаат қилиш;

ўзининг Уставда қайд этилган вазифаларини бажариш чоғида ишбилармон ҳамкорлар, Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари билан муносабатларда ўзининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя килинишида Уюшманинг қўллаб-қувватлашидан бепул фойдаланиш, шунингдек белгиланган тартибда хорижий ҳокимият, бошқарув органлари, бошқа ташкилотлар билан алоқалар ўрнатиш;

Уюшманинг ахборот ва интеллектуал ёрдамидан бепул фойдаланиш, ўз Устав фаолияти масалалари бўйича унинг мутахассисларидан маслаҳат ва тавсиялар олиш. 

5.2. Уюшма муассислари қуйидагиларга мажбурдир:

Устав ва Таъсис шартномаси қоидаларига, Уюшма фаолияти принципларига риоя қилиш, унинг Уставида қайд этилган мақсадлари ва вазифаларини амалга оширишда фаол қатнашиш;

Уюшманинг муваффақиятли фаолиятига кўмаклашиш;

Уюшманинг мансабдор шахсларига Уюшманинг Уставида қайд этилган мақсадлар ва вазифаларни амалга ошириш учун зарур бўлган ахборотни тақдим этиш;

Уюшманинг компаниялари, корхоналари ва ташкилотларининг обрўси ва иш самарадорлиги ошишига, халол иш кўриш, ўзаро ҳурмат ва қўллаб-қувватлаш асосида улар ўртасидаги ҳамкорлик мустаҳкамланишига кўмаклашиш, ўзаро мажбуриятларни сўзсиз бажариш;

аъзолик бадалларини ўз вақтида ва тўлиқ хажмда ўтказиш, Уюшма тадбирларини молиялаштириш бўйича ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажариш;

миллий ва халқаро алоқаларни ташкил этиш имкониятини таъминлайдиган ёндашувлар ва ечимлардан фойдаланиш;

намунавий техник вазифаларни хал этишда умумий ёндашувлардан фойдаланиш.

VI.  УЮШМАНИНГ МОЛ-МУЛКИ ВА ХЎЖАЛИК ФАОЛИЯТИ

6.1. Уюшма муассисларининг кириш ва аъзолик бадаллари Уюшма мол-мулкини шакллантиришнинг асосий манбаи ҳисобланади. Бадаллар пул маблағлари, моддий ва номоддий активлар, мулкий ва номулкий ҳуқуқлар шаклида бўлиши мумкин. Уюшмага берилган бадаллар унинг мулкига айланади.

6.2. Уюшма муассислари ва аъзолари томонидан қўшиладиган бадалларини пулда баҳолаш Уюшма муассислари Умумий йиғилишнинг Уюшманинг барча муассислари ва аъзолари томонидан бир овоздан қабул қилинадиган қарори билан тасдиқланади.

6.3. Уюшмага бадал пул шаклида қўшилмаган тақдирда, тегишли бадалдан фойдаланиш ҳуқуқи бадал тўлаш муддати бошланган пайтдан бошлаб бир ой мобайнида Уюшмага берилиши керак.

6.4. Уюшма ўз асбоб-ускуналарига, инвентарга, Ўзбекистон Республикаси миллий валютасида ва хорижий валютада пул маблағларига, қимматли коғозларга ҳамда Уставда қайд этилган мақсадлар ва вазифаларни амалга ошириш учун унга зарур бўлган бошқа мол-мулкга эга бўлиши мумкин.

6.5. Уюшма ўзига тегишли мол-мулкдан фойдаланади, шунингдек ўз фаолиятини фақат Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда Уставда қайд этилган мақсадлар ва вазифаларга эришиш учун амалга оширади.

6.6. Уюшманинг молиявий ва моддий маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобига ташкил этилади:

Уюшма муассис ва аъзоларининг кириш бадаллари;

Уюшма муассис ва аъзоларининг аъзолик бадаллари;

Ўзбекистонлик ва хорижий юридик шахсларнинг бир марталик мақсадли бадаллари;

Уюшма томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига зид бўлмаган асосларда олинган бошқа пул маблағлари.

6.7. Кириш бадаллари миқдори, уни қўшиш тартиби ва муддатлари Умумий йиғилиш қарори билан белгиланади. 

6.8. Аъзолик бадаллари миқдори, уни қўшиш тартиби ва муддатлари йиллик Умумий йиғилиш қарори билан белгиланади.

6.9. Мақсадли бадаллар миқдори, уни қўшиш тартиби ва муддатлари Уюшма Умумий йиғилиш ваколатлари доирасида белгиланади.

6.10. Уюшма Уставида қайд этилган мақсадлар ва вазифалар моддий-молиявий таъминланиши учун қуйидагиларга ҳақлидир:

тижорат ташкилотлари ташкил этиш;

ўзининг Уставида қайд этилган мақсадлари ва вазифаларини, лойиҳалар ва дастурларни амалга ошириш учун хорижий инвесторларнинг моддий ва молиявий маблағларини жалб этиш ва улардан фойдаланишни ташкил этиш, заҳира (барқарорлаштириш) жамғармаларини ташкил этиш;

банк ташкилотларида ҳисобварағи, шу жумладан валюта ҳисобварағини очиш;

банк кредитларидан фойдаланиш;

Ҳукумат органлари ва халқаро органлар ва ташкилотлар, бошқа юридик шахслар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш; 

6.11. Уюшма муассислари Уюшманинг мол-мулки ҳисобланган, шу жумладан унга аъзолик бадаллари сифатида берилган мол-мулкка бирор-бир ҳуқуқлардан фойдаланмайдилар. Уюшманинг мол-мулки ва у томонидан олинган даромад Уюшма муассислари ўртасида тақсимланиши мумкин эмас, балки фақат унинг уставида қайд этилган мақсадларга эришишга йўналтирилади.

6.12. Уюшмага кириш чоғида унинг муассислари ўз хўжалик мустақиллигини, юридик шахс ҳуқуқини тўлиқ сақлаб қоладилар, мулкчилик шакли ва номини ўзгартирмайдилар.

6.13. Уюшма таркибига қабул қилиш кираётган корхона (ташкилот)нинг бунга ваколат берилган мансабдор шахси томонидан имзоланган ариза асосида амалга оширилади.

6.14. Уюшма таркибидан чиқиш истагида бўлган корхона бу ҳақда уюшмани бир ой олдин бу тўғрида хабардор қилади.

6.15. Муассислар уюшма таркибидан мажбурий тартибда чиқариш уюшма умумий йиғилишининг қарорига мувофиқ суд тартибида амалга оширилади.

6.16. Таъсис ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар киритилиб, белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилгандан сўнг муассислар улардан келиб чиқадиган барча ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлади.

6.17. Уюшма таркибидан чиқиш, чиқаетган корхона(ташкилот)нинг бунга ваколат берилган мансабдор шахсни имзоланган ариза асосида амалга оширилади.

6.18. Уюшма бошқаруви Раиси чиқиш тўғрисида ариза тушган кундан бошлаб ариза берувчига асосланган ёзма қарор тақдим этган ҳолда Уюшмадан чиқиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш учун Уюшманинг Умумий йиғилиш мажлисига тавсиянома тўғрисида қарор қабул қилади.  

6.19. Муассислар умумий йиғилиш, чиқиш тўғрисида ариза ва чиқаётган корхона(ташкилот)нинг асосланган ёзма қарори тақдим этган ҳолда, Уюшма тарикибидан чиқиш тўғрисидаги масала белгиланган тартибда  кўриб чиқилади ва уюшманинг таъсис ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилади.

6.20. Уюшмадан чиққан муассисга Уюшмага кириш ва аъзолик бадаллари кайтарилмайди.

VII.  УЮШМАНИНГ БОШҚАРУВ ОРГАНЛАРИ

7.1. Қуйидагилар Уюшманинг бошқарув органлари ҳисобланади:

Уюшма муассисларининг Умумий йиғилиш;

Уюшма бошқаруви;

Тафтиш комиссияси;

7.2. Уюшма муассисларининг Умумий йиғилиш (кейинги ўринларда матнда “Умумий йиғилиш” деб юритилади) Уюшманинг олий бошқарув органи ҳисобланади.

7.3. Умумий йиғилиш  Уюшмани ташкил этиш ва унинг фаолиятининг исталган масаласи бўйича қарор қабул қилишга ҳақлидир.

7.4. Умумий йиғилишнинг мутлак ваколатига қуйидагилар киради:

Уюшма уставига ўзгартириш ва кўшимчалар киритиш;

Уюшма фаолияти йўналишларини белгилаш;

Уюшма бошқаруви Раисини тайинлаш, унинг мазкур Уставда ва Уюшма Таъсис шартномасида белгиланмаган ваколатларини белгилаш;

Уюшма мол-мулкини шакллантириш ва ундан фойдаланиш принципларини белгилаш;

Уюшмага аъзоликка қабул қилиш тартибини белгилаш;

кириш ва аъзолик бадаллари миқдорларини ва уларни тўлаш муддатларини белгилаш;

Уюшма Тафтиш комиссияси аъзоларини тасдиқлаш, улар ваколатларини муддатидан олдин тўхтатиш;

Уюшмани қайта ташкил этиш ва тугатиш тўғрисида қарор кабул қилиш.

7.5. Навбатдаги умумий йиғилишлар Уюшма бошқаруви томонидан ҳар йили Уюшманинг Умумий йиғилиш томонидан белгиланадиган муддатларда чақирилади.

7.6. Навбатдан ташқари умумий йиғилишлар тафтиш комиссиясининг ташаббусига кўра ёки Уюшма муассисларининг камида учдан бирининг талаби бўйича чақирилади.

7.7. Навбатдан ташқари умумий йиғилишларни чақириш тўғрисидаги таклиф кўриб чиқилиши керак бўлган масалалар ва Умумий йиғилишни тайёрлаш учун зарур бўлган вакт ҳисобга олиниб сана кўрсатилган ҳолда Уюшма бошқаруви Раисига ёзма шаклда юборилади. Навбатдан ташкари умумий йиғилиш чакириш тўғрисидаги таклифда кўрсатилган санадан 45 кундан кечикмай чакирилиши керак.  

7.8. Умумий йиғилишни чакириш ва уни ўтказишнинг ташкилий таъминланиши Уюшма бошқаруви Раиси томонидан амалга оширилади. 

7.9. Уюшма муассислари Умумий йиғилиш чакирилиши тўғрисида кун тартиби лойихаси, шунингдек умумий йиғилиш ўтказиладиган жой ва вакт кўрсатилган ҳолда у ўтказиладиган кундан камида 30 кун олдин ёзма равишда хабардор килинади. 

7.10. Умумий йиғилиш Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида ва Уюшманинг Таъсис ҳужжатларида белгиланган тартибда ўтказилади. қонунчиликда ва Уюшманинг Таъсис ҳужжатларида тартибга солинмаган масалалар юзасидан умумий йиғилишни ўтказиш тартиби Умумий йиғилиш қарори билан белгиланади.

7.11. Умумий йиғилиш очилишидан олдин Уюшма муассисларининг етиб келган вакиллари рўйхатдан ўтказилади.

7.12. Уюшма муассисларининг вакиллари уларнинг тегишли ваколатларини тасдиқлайдиган ҳужжатларни кўрсатишлари зарур. Уюшма муассиси вакили берилган ишончнома асосида катнашаётган бўлса, ишончномада тегишли маълумотлар мавжуд бўлиши (исми ёки номи, яшаш ва турар жойи, паспортига оид маълумотлар) ва амалдаги қонунчиликка мувофиқ расмийлаштирилган бўлиши керак. 

7.13. Уюшма муассисининг рўйхатдан ўтказилмаган вакили овоз беришда катнашишга ҳақли эмас.

7.14. Умумий йиғилиш ишига Уюшма Умумий йиғилиш томонидан сайланадиган Раис рахбарлик қилади. Умумий йиғилиш, агар мажлисда Уюшма муассисларининг камида 60 фоизи катнашса, қарор кабул қилишга ҳуқуқий ваколатлидир. Агар зарур кворум тўпланмаса, Раис Умумий йиғилиш ўтказилишини 40 кундан ортик бўлмаган бошқа кунга кўчиради.

7.15. Умумий йиғилиш қарорлари  Уюшманинг мажлисда катнашаётган муассислари вакилларининг овоз бериши билан кабул килинади. Хар бир муассис бир овозга эга бўлади. Умумий йиғилиш қарорлари баённома билан расмийлаштирилади ҳамда Умумий йиғилишнинг Раиси ва Котиби томонидан имзоланади. Умумий йиғилишнинг мутлак ваколатига тегишли бўлган таъсис ҳужжатларига ўзгартириш ва кўшимчалар киритиш, тугатиш ва кайта ташкил этиш масалалар бўйича қарор кабул қилиш учун Уюшманинг мажлисда катнашаётган муассислари вакиллари умумий сонининг учдан икки кисмидан иборат кўпчилик овози зарур.   

7.16. Колган масалалар бўйича қарорлар Уюшманинг мажлисда катнашаётган муассисларининг оддий кўпчилик овози билан кабул килинади. Овозлар тенг бўлиб колган такдирда, умумий йиғилиш раисининг овози хал килувчи овоз ҳисобланади. 

7.17. Уюшма муассислари Умумий йиғилишнинг қарори сиртки овоз бериш оркали (сўров йўли билан) йиғилиш ўтказилмасдан кабул килиниши мумкин. Бундай овоз бериш почта, телеграф, факс, телефон, электрон ёки берилаётган ва кабул килинаётган хабарларнинг айнанлигини ва уларнинг ҳужжатлар билан тасдиқланишини таъминлайдиган бошқа алока воситасида ҳужжатларни айирбошлаш йўли билан ўтказилиши мумкин. 

7.18. Уюшма муассислари Умумий йиғилишнинг Йиллик ҳисоботлар ва йиллик бухгалтерия балансини тасдиқлаш масаласи бўйича қарори сиртдан овоз бериш оркали (сўров йўли билан) кабул килиниши мумкин эмас.

7.19. Умумий йиғилиш томонидан кабул килинган қарорлар Уюшманинг барча муассислари эътиборига етказилади ва бажарилиши мажбурий ҳисобланади.

7.20. Уюшма фаолиятини жорий бошқариш Ижро этувчи орган (Уюшма Бошқаруви) томонидан амалга оширилади.

Бошқарув Уюшманинг коллегиал ижроия органи ҳисобланади ва тўрт кишидан иборат. Бошқарув фаолиятига умумий йиғилиш томонидан сайланадиган уюшма бошқарув раиси рахбарлик қилади. Бошқарув ваколатига Уюшманинг жорий фаолияти рахбарлигининг барча масалалари киради, Уюшма муассислари Умумий йиғилишнинг ваколатига кирган масалалар бундан мустасно.

Бошқарув Уюшма муассислари Умумий йиғилиш томонидан кабул килинадиган қарорларнинг ўз вактида амалга оширади ва бажарилишини таминлайди.

Уюшма бошқаруви Раиси уч нафар ўринбосарга эга бўлади. Бошқарув Раиси ва унинг ўринбосарлари Уюшманинг Умумий йиғилиш томонидан сайланади.

Бошқарув мажлисларини ўтказишни унинг Раиси ташкил этади, у Уюшма номидан барча ҳужжатларни ҳамда Бошқарув мажлиси баённомаларини имзолайди, Бошқарувни ўз ваколатлари доирасида кабул килган қарорларга мувофиқ ишончномасиз Уюшма номидан иш юритади.  

  1. Бошқарув Раисининг ваколатларига қуйидагилар тегишли бўлади:

Уюшма фаолиятига умумий рахбарлик қилиш;

Устав коидалари ва Умумий йиғилиш қарорлари бажарилишини ташкил этиш;

Уюшма фаолиятини ҳуқуқий ва маъмурий-хўжалик жихатдан таъминлашни ташкил этиш;

Уюшма умумий йиғилиш томонидан тасдиқланган дастурлар, лойихалар ва тадбирларни молиялаштириш учун маблағ жалб этилишини ташкил этиш;

Уюшма филиаллари ва ваколатхоналари фаолиятини бошқариш, уларнинг йиллик ҳисоботларини тасдиқлаш;

маъмурий–хўжалик харажатлари сметасини тасдиқлаш;

Уюшманинг штатдаги ходимлари, филиаллари ва ваколатхоналари ходимлари  мехнатига хак тўлаш шартларини белгилаш;

Уюшманинг штатдаги ходимларини, Уюшма филиаллари ва ваколатхоналари ходимларини Ўзбекистон Республикасининг мехнат хакидаги қонунларига мувофиқ ишга кабул қилиш ва ишдан бўшатиш, уларга нисбатан рахбатлантириш ва жазолаш чораларини кўриш, ходимларни контрактлар ва пудрат шартномалари бўйича ишга қабул қилиш. 

буйруқлар, фармойишлар чиқариш, йўриқномаларни, ички мехнат тартиби қоидаларини тасдиқлаш, ишончномалар бериш;

ишчи гурухларни ва вақтинчалик ижодий жамоаларни шакллантириш, Уюшма дастурлари ва лойихаларини ишлаб чиқишда қатнашиш учун экспертларни жалб этиш;

банк муассасаларида Уюшманинг ҳисобваракларини очиш, олинган кредитларни ваколати доирасида  тасарруф этиш, Уюшманинг мол-мулки ва молиявий маблағларини ваколати доирасида тасарруф этиш, шунингдек тасдиқланган харажатлар сметаси доирасида Уюшманинг жорий харажатларини амалга ошириш;

Уюшма номидан ишончномасиз иш кўриш ва Ўзбекистон Республикасининг юридик ва жисмоний шахслари билан муносабатларда ва чет элда унинг манфаатларини ифодалаш, Уюшма номидан шартномалар, битимлар ва бошқа битишувлар тузиш.  

 Уюшма Бошқарув Раисининг аник ҳуқуқ ва мажбуриятлари у билан олдиндан тузиладиган контрактда келишиб олинади.

Бошқарув Раиси мажбуриятларни таксимлашда ўринбосарларига ваколатларининг  бир кисмини бериш ҳуқуқига эга.

  1. Бошқарув Раиси Уюшма фаолиятининг бошқа масалаларини хам хал этишга ҳақлидир, Умумий йиғилишнинг мутлак ваколатига тегишли масалалар бундан мустасно.  

VIII.  ТАФТИШ КОМИССИЯСИ

8.1. Уюшманинг тафтиш комиссияси Умумий йиғилиш томонидан Уюшманинг, унинг филиаллари ва ваколатхоналарининг молия-хўжалик фаолиятини назорат қилиш учун бир йилга сайланади. Тафтиш комиссияси аъзолари Уюшма муассислари вакиллари орасидан сайланади. Тафтиш комиссияси аъзолари сони Умумий йиғилиш томонидан белгиланади.

8.2. Бошқарув Раиси Тафтиш комиссияси аъзоси бўлиши мумкин эмас.

8.3. Тафтиш комиссияси фаолияти у тўғрисидаги Низом билан тартибга солинади.

IX.  ҲИСОБОТ ВА УЮШМА ҲУЖЖАТЛАРИНИ САҚЛАШ

9.1. Уюшма қонунчиликда белгиланган тартибда ҳисобот юритади.

9.2. Уюшма кадрлар билан боғлиқ иш юритади, амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ ҳужжатлар айланишини амалга оширади. Уюшма давлат, ижтимоий, иқтисодий ва солиқ сиёсатини ижросини таъминлаш мақсадида:

ҳужжатлар (бошқарув, молия-хўжалик ҳужжатлари, шахсий таркиб бўйича ва бошқа ҳужжатлар) сақланиши учун жавоб беради;

илмий-тарихий ахамиятга эга бўлган ҳужжатлар давлат томонидан сақланиши учун Тошкент шаҳрининг марказий архивларига берилишини таъминлайди.

9.3. Уюшма қуйидаги ҳужжатларни сақлашга мажбурдир:

Уюшманинг Таъсис ҳужжатлари, шунингдек Уюшманинг Таъсис ҳужжатларига киритилган ва белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган ўзгартириш ва кўшимчалар;

Уюшма Умумий йиғилишнинг Уюшмани ташкил этиш тўғрисида ва пул кўринишида бўлмаган бадалларни пулдаги бахосини тасдиқлаш тўғрисидаги қарорлари, шунингдек Уюшмани ташкил этиш билан боғлик бошқа қарорлар мавжуд бўлган баённомалари;

Уюшманинг давлат рўйхатидан ўтказилганлигини тасдиқлайдиган ҳужжат;

Уюшманинг балансида бўлган мол-мулкка Уюшманинг ҳуқуқларини тасдиқлайдиган ҳужжатлар;

Уюшманинг ички ҳужжатлари;

Уюшманинг филиаллари ва ваколатхоналари тўғрисидаги Низом;

Уюшма Умумий йиғилишлари баённомалари;

аудитор, молиявий назорат давлат органларининг хулосаси;

Ўзбекистон Республикасининг қонунларида ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида, Уюшманинг Таъсис ҳужжатларида, Уюшманинг ички ҳужжатларида, Уюшма Умумий йиғилиш ва Уюшма бошқаруви Раиси қарорларида назарда тутилган бошқа ҳужжатлар.      

9.4.  Уюшманинг санаб ўтилган барча ҳужжатлари уюшма почта манзили(жойлашган ери)да  сақланади.

9.5. Уюшма муассисининг, Тафтиш комиссияси ёки исталган манфаатдор шахснинг талаби бўйича Уюшма оқилона муддатларда уларга Уюшманинг Таъсис ҳужжатлари, шу жумладан ўзгартириш ва кўшимчалар билан танишиш имкониятини беришга мажбурдир. Уюшма ўз муассисининг талабига кўра амалдаги Таъсис шартномаси ва Уюшма Уставининг нусхасини беришга мажбур. Нусхалар берилганлиги учун Уюшма томонидан ундириладиган тўлов уларни тайёрлаш харажатларидан ортиқ бўлиши мумкин эмас.  

9.6. Уюшма қайта ташкил этилган такдирда барча ҳужжатлар (бошқарув, молия-хўжалик ҳужжатлари, шахсий таркиб бўйича ҳужжатлар ва хакозолар) белгиланган қоидаларга мувофиқ ҳуқуқий ворисга берилади.  

9.7. Ҳуқуқий ворис бўлмаган такдирда илмий-тарихий ахамиятга эга бўлган доимий сакланадиган ҳужжатлар давлат томонидан саклаш учун архив органларига берилади.

9.8. Шахсий таркиб бўйича ҳужжатлар (буйруклар, шахсий ҳужжатлар йиғмажилди ва ҳисобга олиш карточкалари, шахсий ҳисобвараклари ва бошқалар) сақлаш учун Уюшма жойлашган жойдаги худуднинг архивига берилади.

X. УЮШМАНИ ҚАЙТА ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ТУГАТИШ

10.1. Уюшмани қайта ташкил этиш (қўшиш, бирлаштириш, бўлиш, ажратиш, қайта ўзгартириш), агар ушбу қарор учун Уюшма муассислари умумий сонининг камида учдан икки қисми овоз берган бўлса, Умумий йиғилиш қарори бўйича амалга оширилиши мумкин.

10.2. Уюшма:

Умумий йиғилишнинг;

суднинг қарори бўйича тугатилиши мумкин. 

10.3. Уюшмани тугатиш ва қайта ташкил этиш Ўзбекистон Республикасининг Фукаролик кодексида ва бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилган асослар бўйича ва тартибда амалга оширилади. 

10.4. Уюшма юридик шахсларнинг давлат реестрига тегишли ёзувлар киритилгандан кейин тугатилган ёки қайта ташкил этилган ҳисобланади. 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

ФайлХажми
Uyushma Ustavi.pdf547.06 KB
Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, сичқонча билан белгилаб, администраторни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Об-ҳаво

Все о погоде - Pogoda.uz

Валюталар қурси

Онлайн фойдаланувчилар

Мехмонлар: 12 та

Электрон хизматларимиз хақида фикрингиз?

Охирги ўзгартириш киритилган сана:

17.12.2021 15:30
Матндаги хато